Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:40

Трамп Эрон билан Ироққа санкциялар билан таҳдид қилмоқда


АҚШ президенти Дональд Трамп
АҚШ президенти Дональд Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп Флорида штатидаги ҳовлисида 17 кун дам олгандан сўнг 5 январда Вашингтонга қайтиб келди. Айни пайтда у Эроннинг қудратли генералини ўлдиришга буйруқ бергани билан боғлиқ нохуш оқибатларга дуч келмоқда.

Сулаймоний Бағдод аэропорти яқинида ўлдирилгандан сўнг Ироқ парламенти АҚШ қўшинларини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилди. Трамп бунга жавобан, АҚШ ҳарбий-ҳаво базасини назарда тутиб, “биз улар пулини тўламагунча чиқиб кетмаймиз”, деб айтди.

‒ Биз Ироқда жуда кўп пул сарфладик, ‒ деди Трамп журналистларга ўз учоғи бортида. ‒ У ерда жуда катта ҳарбий-ҳаво базамиз бор. Уни қуриш учун миллиардлаб доллар маблағ сарфланган.

АҚШ президенти, Теҳрон Сулаймонийнинг ўлими учун ўч оладиган бўлса, Эроннинг маданий обидаларига зарба берилиши мумкинлигини истисно қилмади. У ҳатто маъмуриятининг бундай амал ҳалқаро ҳуқуқ бўйича ҳарбий жиноят экани хусусидаги хавотирига қулоқ солмади.

Эроннинг ўч олиши ундан ҳам каттароқ ўч олинишига сабаб бўлади, деб айтди президент.

Трамп Ироқ АҚШ қўшинларини олиб чиқишни талаб қиладиган бўлса, ушбу мамлакатга Эронникидан оғирроқ санкциялар қўллаш билан дағдаға қилди.

Ироқ парламенти аъзолари 5 январда қабул қилган қарорга кўра, мамлакат ҳукумати Ислом давлатига (ИД) қарши курашда халқаро коалициядан ёрдам сўраш ҳақидаги илтимосни бекор қилиши керак. Бош вазир Одил Абдул-Маҳдий ҳукумати “Ироқ ҳудудида чет эл қўшинлари туришига барҳам бериш, уларга мамлакат ери ёки сувидан фойдаланишни тақиқлаш устида иш олиб бориш” топширилди.

Ироқда АҚШнинг 5000 ҳарбий хизматчиси, асосан, маслаҳатчилар сифатида иш олиб бормоқда.

Айни чоқда давлат котиби Майк Помпео, Эрон Сулаймонийнинг ўлими учун қасос оладиган бўлса, мамлакатнинг бошқа раҳбарлари ҳам нишонга олинишини билдирди.

Помпео кўплаб телевизион ахборот дастурларда чиқиш қилиб, Эрон АҚШ объектларига ҳужум қилиш учун Ироқ, Сурия, Яман, Ливан ва бошқа мамлакатлардаги ўзи қўллаётган кучлардан фойдаланадиган бўлса, уларга жавоб ўша кучлар билан чекланиб қолмаслигини айтди.

Эроннинг қаттиққўл сиёсат тарафдори бўлган Ислом инқилоби соқчилари корпуси (ИИСК) чет элдаги бўлинмаси “Қудс” қўшини қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январда Бағдод аэропорти яқинида ўлдирилган эди.

Ҳужум Вашингтон билан Эрон ўртасидаги шусиз ҳам таранг муносабатларни янада кескинлаштириб юборди.

Эрон олий раҳбари Теҳрондаги оммавий дафн маросими вақтида
Сулаймонийнинг тобути устида дуо қилди. Давлат телевидениеси генералга ҳурмат бажо келтириш учун йиғилган минглаб
одамларни кўрсатди. Унинг ўрнига тайинланган генерал ўч олишга ваъда берди.

Узоқ вақт “Қудс” қўшинлари бошлиғи ўринбосари бўлган Исмоил Қааний,
“Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло унинг қасосини олишни ваъда қилди ва Аллоҳ бош қасос олувчидир. Албатта, бунга амал қилинади”, деди.

Қаани 2012 йилда берган, аммо кейинчалик давлат ахборот агентлиги
вебсайтидан ўчириб ташланган интервьюсида Эроннинг Сурияда “оммавий қирғин”нинг олдини олиш учун “ҳам жисмонан, ҳам руҳан ҳозирлиги”ни айтган эди.

Президент Дональд Трамп 4 январда Твиттерда қолдирган изоҳларида нега Сулаймонийни ўлдиришга буйруқ бергани сабабларини изоҳлаб, у АҚШ ва Ироқ объектларига ҳужумлар уюштирганини ва “бошқа жойларга қўшимча зарба беришга тайёргарлик кўриб юргани”ни ёзди.

Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Сулаймонийнинг
ўлдирилиши ҳалқаро ҳуқуққа хилоф бўлгани, маданий обидаларни нишонга олиш ҳарбий жиноят эканини айтди.

“Дипломат ниқобини кийиб олиб, Эроннинг маданий ёдгорликларини
уятсизларча нишон сифатида белгилаб чиққанлар ҳуқуқшунослик луғатларини очиб ўзини қийнаб ўтириши ҳам шарт эмас, − деб ёзди Зариф 5 январда Твиттерда. − Jus cogens халқаро ҳуқуқнинг, яъни босиб ўтилиши тақиқланган халқаро қизил чизиқларнинг императив меъёрларидир”.

XS
SM
MD
LG