Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:32

АҚШдаги президент сайловидан буён бир ой ўтди. Мирзиёев Байденни ҳануз табрикламади


АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден
АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Президент Мирзиёев АҚШнинг сайланган президенти Жо Байденни нега ҳанузгача ғалаба билан табрикламаганини изоҳламади.

Ўзбекистон раҳбари Беларус президенти Александр Лукашенкони баҳсли сайловлардан бир кун ўтиб, ғалаба билан табриклаган эди.

Ўзбекистон раҳбарининг ўз стратегик шериги бўлган АҚШнинг навбатдаги президентига табрик йўллашга ошиқмаётганини таҳлилчилар Тошкент тобора кўпроқ Москванинг таъсир доирасига тушаётгани билан изоҳламоқда.

3 ноябрь куни ўтган АҚШ президенти сайловларида демократлар номзоди Жо Байден 51 та штат Сайловчилар коллегиялари ихтиёридаги 538 овоздан 306 тасини олган.

232 та овозни қўлга киритган Дональд Трамп ҳанузгача мағлубиятни расман тан олгани йўқ. Аммо унинг мағлубиятни тан олишдан бош тортиши сайлов натижаларини ўзгартирмайди.

Қозоғистон президенти табриклади

8 ноябрь куни Жо Байденни табриклаган канцлер Меркель (Германия), президент Макрон (Франция), бош вазир Жонсон (Буюк Британия) ва бошқа арбоблар қаторида президент Тоқаев (Қозоғистон) ҳам борлиги маълум бўлди.

Президент Путин (Россия) эса, Байденни ғалаба билан ҳанузгача табриклагани йўқ. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 26 ноябрда Путин сайловнинг расмий натижаси эълон қилинишини кутаётганини билдирди.

Ўзбекистон раҳбари АҚШ президенти сайловидан буён роппа-роса бир ой ўтган бўлса ҳам Байденга табрик йўллагани йўқ. Ваҳоланки, Шавкат Мирзиёев Александр Лукашенкони Беларус президенти сайлови ўтган куннинг эртасигаёқ табриклаган эди.

Ташқи ишлар вазирлиги: Изоҳ йўқ!

АҚШ президенти сайлови ўтганига бир ой тўлган кунда Озодликнинг “Ўзбекистон шу кунгача ҳам Байденни табрикламагани нима билан изоҳланади?” деган саволига Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Мирзоҳид Эшонқулов “Изоҳ йўқ”, деб жавоб берди. “Балки бу ҳолат Москванинг позицияси билан боғлиқдир”, деган саволга ҳам расмий вакил “Изоҳ йўқ” деди.

Назаримда Тошкент хато қилишдан қўрқаётган бўлиши мумкин.

Францияда истиқомат қилаётган сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Ўзбекистон АҚШдан масофа сақлаш, алоқаларни совитиш ниятида эмас, аксинча, расмий Тошкент, АҚШ билан алоқаларга устувор аҳамият бермоқда.

Табриклаш масаласига тўхталиб, Раббимов бундай деди:

"Назаримда, Тошкент хато қилишдан қўрқаётган бўлиши мумкин. Сайловнинг илк кунларида, расмий Тошкент «ким ғалаба қилгани мутлақ аниқ бўлсин, кейин табриклаймиз!», ёки «Байденни табриклаб қўйиб, Трамп йўлини топиб ҳокимиятда қоладиган бўлса, у биздан қаттиқ аразлаб қолиши мумкин!» деган маънода бироз кутган бўлиши мумкин. Шу сабаб, сайловлар ўтиши биланоқ Байденни табриклаш имкониятидан маҳрум бўлган Ўзбекистон, энди, сайловнинг ҳуқуқий натижаларини кутаётган бўлиши керак”.

Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Байденни табриклаш борасида, Ўзбекистон Россиянинг раъйига қарамаяпти:

Ўзбекистон Байденни эртами-кечми табриклайди, ва АҚШ билан алоқаларни анада кучайтиришга уринади.

“Украинадаги охирги сайловларда Зеленский ғалаба қилганида, Россия уни ҳалигача табрикламади ва тан олмади. Лекин, Ўзбекистон сайловлар ўтиши биланоқ Зеленскийни табриклаган эди. Ўзбекистон Байденни эртами-кечми табриклайди, ва АҚШ билан алоқаларни анада кучайтиришга уринади”.

АҚШда истиқомат қилаётган журналист Жаҳонгир Муҳаммаднинг фикрича, у ёки бу мамлакатнинг мустақил эканлиги энг аввало унинг ташқи сиёсатида кўринади.

Ўзбекистонинг бугунги ташқи сиёсати унинг тўла мустақил эмаслигини кўрсатади.

“Шу нуқтаи назардан олиб қараладиган бўлса, Ўзбекистонинг бугунги ташқи сиёсати унинг тўла мустақил эмаслигини кўрсатади. Буни АҚШ президенти сайловидан кейин тутган мавқеи ҳам кўрсатиб турибди”, деди Жаҳонгир Муҳаммад.

Журналистнинг фикрича, Жо Бейденни қутламаслик ортида Путин ва унга эргашаётганларнинг хавотирлари яширинган:

Мамлакати, халқи келажагини эмас, ўзини, тахтини ўйлаётганлар ҳар сафар охирги "хас"дан ҳам умид қилиб турадилар.

“Биринчидан, инқилоблар оқими қайта пайдо бўлиши ва Вашингтон мухолифатни қўллаб қувватлаши мумкин. Иккинчидан, Россияга қўйилган ва қўйилаётган санкциялар кучайиши ҳам уларни ташвишга солмоқда. Учинчидан, Афғонистон кучларининг асосий қисмини олиб чиқаётган Трамп билан орани бузмасдан, ундан фойдаланиб қолиш режалари пучга чиқмаслигини ҳам ўйлашмоқда. Қолаверса, Кремл ва тарафадорлари Трампни ҳар қандай йўл билан ҳокимиятни сақлаб қолишга ундашмоқда. Ҳатто мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, сайловни қайта ўтказиш мумкинлигига уни ишонтирмоқчи бўлишаяпти. Трампнинг кетиши Путиннинг ҳам кетиш йўлини очади. Бу эса Ўзбекистоннинг 30 йиллик Ташқи сиёсатини Кремлнинг мусиқасига мослаб юритаётганлар учун ҳам таҳлика. Мамлакати, халқи келажагини эмас, ўзини, тахтини ўйлаётганлар ҳар сафар охирги "хас"дан ҳам умид қилиб турадилар”.

Ижтимоий тармоқлардаги баҳслар

“Мирзиёев-Байден-табрик” мавзуи ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида ҳам муҳокама қилинмоқда. Блогер Абдуқодир Мўминовнинг “Кўзгу” кўрсатувида иштирок этган социолог ва халқаро иқтисодий муносабатлар бўйича мутахасис Шуҳрат Расул Трампнинг мағлубияти сабаблари, АҚШнинг ташқи сиёсати тадрижи ҳақида гапиради. Шуҳрат Расулнинг фикрича, АҚШнинг янги администрацияси Россияга нисбатан сиёсатида, Трампникидан фарқли ўлароқ, юмшоқлик кутилмайди ва мана шундай шароитда Тошкент Вашингтон билан муносабатларида хатога йўл қўймаслиги керак.

“Ўзбекистон ҳукумати ҳозир ҳеч ҳам орқага сурмасдан, зудлик билан Жо Байденни ютуқ билан табриклаши керак. Буни қилмаслик, кутиш катта сиёсий хато бўлади”, дейди Шуҳрат Расул. Таҳлилчи Анвар Назирнинг фикрича, айни масалада Россияга қараб қадам олиш нотўғри.

Трамп ғалаба қозонганида Москвада шампан шароби ичишганди.

“Байденни Россия табрикламади. Эсингизда бўлса, Трамп ғалаба қозонганида Москвада шампан шароби ичишганди. Лукашенко сайланганида ҳаммаси табриклашди. Агар Ўзбекистон Россияга қараб қадам босаётган бўлса, бу нотўғри қадамдир. Путин модели ўз чегарасига етиб бўлган”.

Янги партиялар фикри

Озодлик Ўзбекистонда тузилаётган партиялар лидерлари фикрига ҳам қизиқди.

“Халқ манфаатлари” партияси ташаббусчилар қўмитаси аъзоси Маҳмуджон Йўлдошев Озодлик саволига жавобан “Партиямиз рўйхатдан ўтиб олгунча, бундай масалаларга аралашмай турганимиз маъқул” деди.

Москва Марказий Осиё республикаларини ўзининг губерниялари деб билади.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташаббусчилар қўмитаси аъзоси Хидирназар Аллақулов эса, “Москва Марказий Осиё республикаларини ўзининг губернияларии деб билади. Бу республикалар раҳбарлари ҳам ўзларини шунга яраша тутади ва Москва чизган чизиқдан чиқмайди. Шунинг учун Мирзиёевнинг Путиндан олдин Байденни табрикламаслигини тушуниш қийин эмас”, деди.

Путин билан телефон орқали, Козак билан юзма-юз мулоқот

АҚШ президенти сайлови бўлиб ўтганига бир ой тўлиши арафасида Тошкент-Москва муносабатларида интенсивлик кузатилди.

30 ноябрь куни Президент Мирзиёев Президент Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Расмий хабарда айтилишича, мулоқот давомида “икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди”.

2 декабрда президент Мирзиёев Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козак бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Расмий хабарда айтилишича, учрашув чоғида “бўлажак икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги учрашувларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш масалалари кўриб чиқилди”.

Тошкентнинг Москва билан бу мулоқотлари тўғрисида фикр юритар экан, Камолиддин Раббимов бундай деди:

“Путин билан телефонда суҳбатлашиш, Россиядан у-бу мулозимнинг келиб-кетиши, Ўзбекистон-Россия алоқаларидаги сифат ўзгаришини англатмайди. Ўзбекистон, шарқ давлати сифатида, бир вақтни ўзида, Путинни еки бошқа мулозимларни Тошкентда жуда чиройли кутиб олиши ва меҳмон қилиши, айни пайтда, Москванинг йирик геосиёсий ва геоиқтисодий лойиҳаларига оҳиста шаклда «йўқ, кирмаймиз» деб жавоб бериши мумкин. Расмий Москва учун, алоқалардаги энг асосий кўрсаткич – унинг асосий геосиёсий, ҳарбий-стратегик ва геоиқтисодий лойиҳларига қўшилиш-қўшилмаслик ҳисобланади. Ҳозирча Тошкент, Кремлнинг бундай лойиҳаларидан масофа сақлаяпти”.

Айни пайтда Россия расмийлари Ўзбекистон жорий ойда Москва етакчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олишини айтмоқда. Расмий Тошкент 1 декабрь куни Россия Саноат ва савдо вазирлиги департамент бошлиғи Михаил Анисимов тилидан янграган баёнотни шарҳлагани йўқ.

XS
SM
MD
LG