Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:43

Афғонистоннинг афсонавий бойликлари. Толибон уни кимга сотмоқчи?


Кобул қулаб, Россияда ва Ғарбда террорчилик ташкилоти деб топилган Толибон ҳаракатининг Афғонистонда иқтидорга қайтганига бир ойдан ошди.

Хўш, толиблар энди нима қилишмоқчи? Нафақат ўз мамлакатида, балки ташқи дунёда ҳам? Ким билан дўстлашадилар ва ёвлашадилар? Нима ва асосийси, ким ҳисобига ҳукм сурадилар? Ва ниҳоят, ушбу катта мамлакатнинг улкан табиий бойликлари кимга насиб қилиши мумкин?

Сиёсатчи-шарқшунос, Яқин ва Ўрта Шарқ бўйича мутахассис Михаил Магид Озодлик радиосининг бу саволларига жавоб бериб кўрди.

Афғонистон яна “ислом амирлиги” деб эълон қилинди, унда бутун ҳокимият дин пешволарининг қаттиқ назоратида бўлади. Аввалроқ толиблар уларнинг ҳукуматига аёллар киритилишини айтишганди, лекин ваъдаларини тутишмади. Толибон расмий вакили яқинда яна аёлнинг вазифаси “фарзанд туғиш ва тарбиялашдангина иборат”лигини айтди.

22 сентябрь куни толиблар сентябрь ойи охирида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясида уларга сўз берилишини сўрадилар. Ўз мурожаатида улар Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани “15 август куни ағдарилган”ини ва дунё мамлакатлари бирин-кетин “уни президент ўлароқ ортиқ тан олмай қўймоқда” эканини урғулашган.

Ҳолбуки толиблар тузган янги, ўтиш даври ҳукуматининг инаугурацияси ҳамон ўтказилгани йўқ, гарчи мазкур маросим олдинроқ 11 сентябрга – АҚШда 2001 йилда юз берган ва сўнгги афғон урушига сабаб бўлган террорчилик ҳужумларига 20 йил тўлган кунга белгиланган эди.

Толибон билан Россия, Толибон билан Хитой ва, қолаверса, Толибон билан бирон Ғарб давлати ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиладими? Героин ва бошқа гиёҳванд моддалар етиштириш ва четга экспорт қилиш “саноати” нима бўлади? Сиёсатчи-шарқшунос, Яқин ва Ўрта Шарқ бўйича мутахассис, “Росбалт” агентлиги шарҳловчиси Михаил Магид Озодлик радиоси рус хизмати билан интервьюда шу ва бошқа қатор саволларга жавоб берди.

Шарҳловчи Михаил Магид
Шарҳловчи Михаил Магид

Толиблар ўзлари тузган янги ҳукуматнинг бўлғуси инаугурация маросимига олти давлат – Туркия, Покистон, Қатар, Эрон,Россия ва Хитой вакилларини таклиф этишди. Нега айнан уларни чақиришяпти?

– Ушбу рўйхатда биринчи галда Туркия, Покистон ва Қатарнинг янги, яқинда асос солинган ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий альянсига диққат қилмоқ керак. Покистон – толибларга энг қадрдон мамлакат, покистонликлар уларга ҳамиша жиддий кўмаклашиб келган. Қатар билан Туркия эса Покистоннинг яқин иттифоқчилари саналади. Афтидан, ушбу блок толиблар билан бошқалардан кўра яқинроқ алоқада бўлиб туради. Хитойни эса толиблар афғон иқтисодиётига сармоя ётқизиши мумкин бўлган супердавлат сифатида кўрмоқда. Эрон билан Россияга келсак, улар ҳам минтақа ишларига аралаша оладиган қудратли, айни чоғда Ғарб билан ҳарбий-сиёсий ва мафкуравий беллаша оладиган мамлакатлардир. Эрон Афғонистон билан жуда узун умумий чегараларга эга, Россия эса Марказий Осиёни ўз таъсир доирасида деб билади. Шу боис Толибон айнан шу давлатлар билан олди-берди қилишни хоҳламоқда.

– Дарвоқе, нега толиблар ўз ҳукумати инаугурациясини дастлаб бутун дунё учун жуда муҳим сана бўлган 11 сентябрга белгилашдию кейин уни бекор қилишди? Яна бирон шартли қизил чизиқни кесиб ўтишдан чўчишдими?

– Ҳа. Менимча, улар ўзларининг мазкур санага муносабатини бутун дунёга шу тариқа намойиш этмоқчи бўлишди, гўё ҳеч кимни писанд қилмасликларини, ўзларининг ғолиблигини кўрсатиб қўйишни хоҳлашди. Шу йўл билан эътиборни тортарлик мужда йўлламоқчи бўлишди. Бироқ, кейин ҳаммасини бекор қилишгани янада қизиқ. Ўйлайманки, ҳозирча янги имижни сақлаш кераклигини, бунақа ишлар нораволигини тушунишади ҳар ҳолда. Қолаверса, улар ҳамон дунё кўзига “тил топишса бўладиган” одамлар каби кўринишга уринмоқда.

– Жуда долзарб савол: Россия ҳамда РФда тақиқланган Толибон ташкилоти ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатиладими? Бу нимага боғлиқ?

– Толибон ташкилоти Россияда ростдан ҳам тақиқланган, шунга қарамай Кремль у билан фаол музокара олиб бормоқда. Менимча, ҳамма нарса аввало Афғонистон ислом амирлигининг келгусидаги сиёсатига боғлиқ. Москвада вазиятга нисбатан бир неча кўзқараш мавжуд: айримлар айтишадики, толибларга ишонса бўлади, чунки улар биринчи бошқаруви даврида, 1996-2001 йилларда ташқи экспансияларга қўл урмаган. Бошқа тоифа эса толибларга ишонмаслик кераклигини, чунки улар “Ал Қоида”дан тортиб Марказий Осиё исломчи гуруҳларигача – турфа жиҳодчилик ҳаракатлари билан алоқадорлигини таъкидлайди. Москванинг сиёсати прагматик тусдаги мулоҳазалардан келиб чиқиб белгиланади. Яъни, Россия толиблар қўли остида Афғонистон ўзини қандай тутишига қарайди ва шунга кўра бир қарорга келади.

– Афғонистондаги вазиятга Кремль кўзи билан қарайдиган бўлсак, яқин вақт ичида Россия у ерда очиқча ёки билвосита қандай мақсадларга эришмоқчи бўлиши мумкин?

– Барибир Москванинг асосий манфаатлари Афғонистоннинг ўзида эмас, балки унга қўшни Марказий Осиёдаги собиқ совет республикаларида. Афғонистон масаласига келсак, юз бераётган воқеалар Кремлни икки хил кайфиятга солган кўринади. Бир тарафдан, АҚШ у ердан чиқиб кетишга мажбур бўлди, иродасизлик қилди – турган гапки, Москва бундан мамнун. Бироқ, бошқа томондан, табиийки, айни пайтда Афғонистоннинг келажаги ва унинг қўшнилари билан бўлғуси алоқалари борасида улкан мавҳумлик вужудга келганки, бу Россияни ташвишга солмаслиги мумкин эмас. Ўйлашимча, Москва ўз сиёсатини ана шу мулоҳазалардан келиб чиқиб белгилайди.

– Яқин орада Афғонистон ва унга туташ ҳудудлар учун қандайдир рақобатчилик кураши пайдо бўлиши мумкинми? Дейлик, Россия билан Эрон, ёки Россия билан Хитой ёхуд Ҳиндистон, ё бўлмаса Хитой билан Туркия ўртасида? “Толиблар режими” деб ёзилган ва ўз манфаатлари учун Москвадами, Пекиндами ёки бошқа жойда ҳар замонда босиб туриладиган шартли тугмадан кимга кўпроқ наф бўлиши мумкин?

– Афғонистон аллақачон, кеча эмас – анча олдин шунақа рақобат майдонига айланган. Бироқ бу сиз санаб ўтган давлатларнинг ҳаммасига ҳам тааллуқли эмас. Агар Россия билан Туркияни оладиган бўлсак, бу бирмунча янги вазият. Анқара Марказий Осиёда ўз алоқалари ва таъсирини кучайтиришни хоҳлайди, Афғонистон эса ушбу сиёсатнинг бир қисмидир. Бу Москванинг ҳаловатини қочиради, албатта. Туркия мазкур йўналишдаги сиёсатини ривожлантиришда давом этган тақдирда Афғонистон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари Анқара билан Москванинг навбатдаги рақобат майдонига айланади. Ҳатто бу рақобат бошланиб бўлган, деган нуқтаи назар ҳам бор. Ва бу Ливия, сурия, Украина ва Жанубий Кавказдан сўнг Россия билан Туркия манфаатлари тўқнашган яна бир ҳудуд бўлажак. Очиғи, бу ҳолат хийла хавотирли.

Шунингдек, Афғонистон – Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги рақобат майдони ҳамдир. Ҳиндистон-ку бурунги Афғонистоннинг асосий донорларидан бири эди, шу маънода Ашраф Ғани ҳукуматининг қулагани Деҳли учун оғир зарба бўлди. Негаки унинг минтақадаги бош рақиби айнан толибларга умид боғлаган ва уларни ҳар томонлама дастаклаб келмоқда. Умуман, Исломобод Афғонистонни ўзининг “стратегик ичкариси” ва Ҳиндистонга қарши ташқи сиёсатининг муҳим элементи деб билади. Ва ҳозир Ҳиндистонда анчайин мураккаб аҳволда қолган – Кашмир ва бошқа шимолий ҳудудларида ҳаракат қилаётган турли радикал исломий гуруҳлар Афғонистондан бошпана топиши мумкин.

Юқоридагилардан ташқари, Хитой ҳам Афғонистонда мустаҳкамланиб олишга интилади – бунга қизиқиш толибларда ҳам, Пекинда ҳам бор. Қолаверса, Хитой бир пайтнинг ўзида Ҳиндистоннинг рақиби ва Покистоннинг иттифоқчисидир. Мана шуларни ҳисобга олиб ва якуний натижага кўра, Ҳиндистонни Афғонистонда юз берган сўнгги воқеаларда жуда кўп зарар кўрган мамлакат деб тушунаман. Катта эҳтимол билан, Ҳиндистон бу ёғига АҚШ билан янада яқинлашади ва Вашингтоннинг Пекинга қарши қаратилган Ҳинд-Тинч океани ҳарбий дастурларига чуқурроқ кириб боради.

– Хитойнинг афғон воқеаларидаги роли қанчалик катта? Ва у эндиликда Афғонистонга, аввало унинг табиий ресурсларига маблағ сарфлашга тайёрми?

– Илгари бу рол катта эмасди. Айтганча, Хитой президент Ашраф Ғани давридаёқ Афғонистоннинг табиий бойликларини ўзлаштиришга уриниб кўрган. Чунончи, улар мамлакатдаги мис конларини ишлатмоқчи бўлишган, лекин бу лойиҳа барбод бўлган – нафақат ҳарбий-сиёсий вазият, балки инфратузилмалар ҳам расво бўлгани учун. Электр энергияси йўқ эди, транспорт издан чиққан ва ҳкз. Хуллас, аҳвол шу қадар чатоқ эдики, муаммоли мамлакатларда ишлаш бўйича катта тажрибаси бўлатуриб, хитойлар, лойиҳани давом эттиришга кўзлари етмай, ҳаммасига қўл силтаганлар.

Шунга қарамай, Хитойнинг Афғонистонга оид жуда катта кўламли режалари бор. Биринчидан, Афғонистон бу эртакнамо бойликлар мамлакати, Шарқ эртакларидаги Али бобо топган ғор мисол. Афғонистонни, инчунун, баъзан “литийли Саудия Арабистони” ҳам дейишади, чунки у ерда “яшил энергетика” ва барча келажак технологиялари учун зарур стратегик хомашё – литий маъдани захиралари бисёр. Башорат қилинишича, яқин йилларда литий баҳоси ўнлаб маротаба ошар экан. Бундан ташқари, Афғонистон мис, олтин, темир ва бошқа фойдали қазилмаларга ҳам ниҳоятда бой. Табиийки, тинимсиз тараққий этаётган қудратли иқтисодиёт ва саноат эгаси бўлмиш Хитой бу бойликларга суқланиб қарайди.

Шунингдек, Пекин глобал тармоқни бунёд этмоқда – “Бир макон, бир йўл” номли ушбу оламшумул инфратузилма лойиҳаси Евроосиёни Хитой идора қиладиган ягона бозорга айлантириши керак. Ва Афғонистон мазкур улкан “янги Ипак йўли” тизими учун эҳтимолий транспорт йўлакларидан бири сифатида Хитойни қизиқтиради.

Ва ниҳоят, Пекиннинг толиблар билан боғлиқ ўз хавотирлари бор. Чунки Хитойда уйғур исломий айирмачилар муаммоси мавжуд ва Пекин толиблар даврида Афғонистон улар учун база ёки бошпана бўлиши мумкинлигидан жуда қўрқади. Шунақа бўлмаслиги учун ҳам Хитой янги толиблар режими билан алоқаларини мумкин қадар ривожлантиришдан манфаатдор. Бироқ, Афғонистонда ишлаш қанчалик оғирлигини ҳисобга олиб, яқин бир неча йил ичида афғон иқтисодиёти, инфратузилмалари ва конларига жиддийроқ сармоя кирита олмаслигига Пекиннинг кўзи етади, деб ўйлайман. Чунки бу жуда қийин.

– Умуман олганда, ҳалокат ёқасига келиб қолган Афғонистон иқтисодиётининг тақдири нима бўларкин? Толиблар режими қайси пулга кун кечирмоқчи?

– Бу ҳозирча унчалик аниқ эмас. Дарвоқе, толибларнинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилишга уринаётгани, айниқса Хитойга умид кўзларини тиккани сабаби ҳам уларнинг айни пайтда молиявий ҳалокатни бошидан кечираётганидир. Биринчидан, Афғонистон сўнгги 20 йилда асосан халқаро ёрдам ҳисобига яшади. АҚШ, юқорида эслаганим Ҳиндистон, айрим Европа мамлакатлари, шунингдек 30 та халқаро ташкилот Кобулнинг донорлари эди. Уларнинг молиявий кўмаги салмоғи Афғонистон ЯИМнинг 40 фоизига тенг бўлган. Янги режим даврида бу ёрдам, катта эҳтимол билан, тўхтатиб қўйилади.

Иккинчидан, Афғонистондан мамлакат Марказий банкининг олтин-валюта захиралари олиб чиқиб кетилган, улар ҳозир АҚШ назоратида – Вашингтон, табиийки, бу пулларни ҳам толибларга қолдиришни истамаган. Хўш, толиблар энди ижтимоий соҳалар – касалхоналар, мактаблар ва бошқа муассасаларда ишловчиларга ҳақ тўлаш учун пулни қаердан олади?

Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, айни замонда Толибоннинг ижтимоий секторни кўпи билан атига 10 фоизга молиялашга етади. Агар вазиятдан чиқишнинг бир йўлини топа олишмаса, Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий аҳвол кескинлашиши муқаррар, аллақачон шундай бўляпти ҳам. Ва бу иқтисодий, гуманитар, ижтимоий ҳалокат янги сиёсий силкинишларга олиб келиши мумкин. Шу боис ҳам толиблар жон-жаҳдлари билан чора излашяпти, кескин баёнотлар беришдан ўзларини тийишяпти, Хитой ва бошқа мамлакатлар билан алоқа боғлашяпти.

– Афғон иқтисодиёти ҳақида гап кетганда, албатта, афғон кўкнориси ва героин ишлаб чиқариш мавзусига тегинмасдан ўтолмаймиз. У ҳамон бутун дунёга афъюнли наркотиклар етказиб берувчи асосий таъминотчи мамлакат бўлиб қолмоқда. Толиблар даврида вазият ўзгариши мумкинми ва бу ўзгариш қайси томонга бўлади?

– Европада сотиладиган афъюнли гиёҳванд моддаларнинг қарийб 90 фоизи Афғонистондан боради. БМТ маълумотига кўра, Афғонистон ЯИМнинг учдан бир ҳиссаси – наркотижоратдан келган даромадлар. Ушбу тармоқда тахминан бир миллионгача одам ишлайди. Бу ноқонуний ишлаб чиқариш билан толиблар ҳам, Ашраф Ғани ҳукумати ҳарбийлари ҳам шуғулланган ва булар бари БМТ ҳужжатларида қайд этилган. Ҳозирда бутун наркотижорат толиблар қўлига ўтди. Ва улар яқин истиқболда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни жиддий камайтиришига менинг кўзим етмайди, лоақал ана шу миллион кишини ҳаёт манбаидан маҳрум этмаслик учун. Аммо узоқ истиқболда нима бўлишини, Афғонистон келажаги қандай бўлишини ҳеч ким билмайди, бу наркотрафикка ҳам тегишли.

– Толиблар бутун Афғонистон бўйича назорат ўрнатишга қанчалик муваффақ бўлди? У ерда давом этаётган норозилик чиқишлари ҳақида нима дейиш мумкин? Хусусан, ишлаши, уйдан чиқиши, қизларнинг мактабда ўқиши, ўрта асрларга хос дресс-код ва бошқа талай қаттиқ чекловлардан норози бўлиб, шунча хавф-хатарга қарамай намойишларга чиқаётган афғон аёллари ҳақида қандай фикрдасиз?

– Келиб чиқиши афғонистонлик аёллар бошлаган халқаро акция ҳам ўтказилаяпти, у “Менинг уст-бошимга тегма” деб аталади, жуда оммалашган #DoNotTouchMyClothes ҳеш-тегини назарда тутяпман. Аёллар тожик, ҳазар ва бошқаларнинг миллий либосларида фото ёки видео олиб, интернетда эълон қилишяпти. Ҳа, норозилик акциялари бор ва уларда бир неча юз, балки бир неча минг аёл иштирок этмоқда. Аммо, бу жасур аёллар ҳаракатига ҳурматим нечоғли баланд бўлмасин, толиблар – ушбу тинч намойишлардан кўнгли юмшайдиган одамлар эмас, деб ўйлайман. 27 йил жанг қилишди, шундан 20 йилида – қудратли давлатга қарши, пировардида Афғонистонни забт этишди ҳам. Қон кечиб юрган радикал қарашли бу одамлар тинч намойишлардан таъсирланиши амри маҳол.

Толибон ҳаракатига ва унинг Афғонистонни назорат қилишга қанчалик қодирлигига келсак, бу жуда долзарб масала. Толиблар ҳаракати аввалбошдан, ўтган асрнинг 90-йилларида Ҳиндистон-Покистон мусулмонларининг Деобанди диний-ҳуқуқий мактаби атрофида шаклланган, ва у исломнинг энг қаттиққўл ва архаик оқимларидан бири саналади. 1996 йили биринчи маротаба иқтидорга келишганида улардан авторитар режим ўрнатишларини ва ҳар қандай маҳаллий одатларни йўқ қилишларини кутишганди. Авторитар режимни улар ўрнатишди, лекин маҳаллий одатлар масаласи қийинроқ кўчмоқда.

Гап шундаки, улар биринчи галда Афғонистоннинг паштунлар истиқомат қиладиган ҳудудларида шариат судларини жорий қилишди ва бу судлар паштун деҳқонларига анча маъқул бўлди. Паштунлар мамлакат аҳолисининг 42-45 фоизини ташкил қилади. Толибларнинг шариат судлари паштун деҳқонлари орасида муайян обрў қозонди, чунки уларда коррупция йўқ ёки жуда кам эди. Бу судлар, умуман олганда, маҳаллий одат ва анъаналарга риоя қилар ва бойлар камбағалларни қаттиқ сиқмаслигини назорат қиларди. Натижада толиблар шу йўл билан асосан паштунлардан ташкил топган ўз армияларини тузишга муваффақ бўлишди. Яъни, Толибон – нафақат диний ҳаракат, бу паштунларнинг миллий ҳаракати ҳамдир. Ижтимоий-синфий маънода бу – қуролланган камбағал деҳқонлар ҳаракати. Айни чоғда принципиал масала шундаки, ушбу камбағаллар ҳаракати мустақил эмас. Унинг тепасида барибир бойлар, нуфузли паштун кланлари ва оилалари турибди, улар Толибондан ушбу жанговар деҳқонларни идора қилишда фойдаланмоқда.

Бироқ толибларнинг ижтимоий базаси – бу Афғонистон нуфусининг тахминан учдан бир қисми холос, бу паштун деҳқонлари яшайдиган вилоятлар. Аммо аҳолиси бир оз дунёвийлашган йирик шаҳарларда, шунингдек миллий озчилик халқлар – тожиклар, ўзбеклар, шиа ҳазорийлар яшайдиган ҳудудларда Толибон чуқур илдиз отмаган ва ҳеч қандай ижтимоий дастакка эга эмас. Ўтган дафъа ҳокимият тепасига келишганида, 1996 йилда улар паштунларнинг ҳуқуқларини сақлаган ҳолда, асосан тожиклар яшайдиган ва анча дунёвийлашган Кобулда ҳам, шиа ҳазарийларга оид ҳудудларда ҳам кўп шафқатсизликлар қилишган. Ўшанда юз минглаб одам Афғонистондан қочиб кетганди.

Ҳозирда энг катта масала – толиблар Кобулда ўзларини қандай тутиши, шиа мазҳаби кенг тарқалган Ҳиротда ва миллий озчил халқлар ўрнашган бошқа афғон минтақаларида ўзларини қандай кўрсатишидир. Ва бу борада ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Биз уларнинг мазкур минтақалардаги таъсири ва шафқатсизлиги даражасини ўлчай олмаймиз. Ҳолбуки Афғонистон иқтисодиёти билан бирга, барқарорлиги ҳам шунга боғлиқ. Толиблар фойдасига ишлайдиган фақат битта нарса бор – Афғонистонда ҳеч кимнинг ортиқ урушгиси йўқ. Ҳамма урушдан безган, улар бундан кейин нима бўлишини кўришни истайди.

– Дунёни фақат бу эмас, толибларнинг ташқи экспансияга қанчалик мойил ёки мойил эмаслиги ҳам қаттиқ безовта қилмоқда. Бу масалада турли фикр-мулоҳазалар билдириляпти ва қизғин баҳслар бўляпти.

– Ҳозирги пайтда бунақа авантюралар Толибон раҳбарияти учун фойдали эканига ишонмайман. Бошларида бир талай ташвиш бор: юқорида санаб ўтганимиз ижтимоий-иқтисодий ва этносиёсий муаммолар. Афсуски, бошқа муаммо ҳам мавжуд: Толибон ҳаракати унчалик ҳамжиҳат эмас, бу турли фракциялар ва етарлича мустақил дала қўмондонлари коалициясидир. Ғояларининг ўзаги бўлган радикал исломий мафкура “ювилиб кетиши” сабаби ҳам ҳаракат бора-бора турли бадавлат паштун кланларининг мураккаб бирлашмасига айланиб кетганидадир. Ҳар хил гуруҳлар қанақа сиёсат юритади, умуман, толиблар Афғонистонни марказлаштирилган ҳолда идора қила олишадими – буни ҳозирча билмаймиз. Ҳолбуки уларнинг бошқа мамлакатларга муносабати кўп жиҳатдан шунга боғлиқ.

– Куни кеча толиблар яна баёнот бериб, мамлакатнинг улар назоратидаги ҳудудларида “Ал Қоида” террорчилари ҳам, “Ислом давлати” гуруҳи террорчилари ҳам бўлмаслигини, Толибон уларни душман деб ҳисоблашини иддао қилишди. Лекин бу гуруҳлар шундоқ ҳам Афғонистонда бор, анчадан бери бор. Хўш, толибларнинг уларга қарши кураш олиб боришига ишонса бўладими?

– Ҳа, муаммо шундаки, толиблар ҳукуматидаги шунақа баёнотлар берадиган ва бунга астойдил ишонадиган одамлар, амалда ўз гапларининг устидан чиқа олишмаслиги мумкин. Чунки, ҳали айтганимдек, толиблар фракциялашгани сабабли уларнинг ичида турфа тузилмалар мавжуд. Масалан, “Ҳаққоний тармоғи”ни олайлик. Паштунларнинг нуфузли Ҳаққоний кланига оид ушбу гуруҳ толиблар тузган янги ҳукуматда Ички ишлар ва, адашмасам, Таълим вазирликларини олди. Гуруҳнинг ҳозирги етакчиси Сирожиддин Ҳаққоний АҚШда қидирувга берилган, унинг калласи учун 5 миллион доллар таклиф қилишмоқда. Негаки, толибларнинг “Ҳаққоний тармоғи” фракцияси аслида “Ал Қоида” билан узвий боғланган. Бундан ташқари, Марказий Осиёдан чиққан қандайдир жиҳодчи салафийлик ҳаракатларининг қолдиқлари ҳам бор.

Токи бу қадар радикал, бузуқ тушунчали ва очиқча террорчи ташкилотлар билан алоқадор одамлар Толибон ичида катта таъсирга эга экан, унинг сиёсатини олдиндан тахмин қилиш мушкул. Шунга қарамай, улар ташқи экспансияга жазм қилмайди, деб ўйлагим келади. Толибларнинг муаммолари ниҳоятда кўп. Теварак-атрофдаги мамлакатлар эса бошқа нарсадан – Афғонистонда беқарорлик чўзилиб кетган тақдирда янги қочоқлар оқими пайдо бўлишидан хавотир олса арзийди. Сурияда айнан шундай бўлган эди.

Менимча, айни пайтда Афғонистонга қўшни барча мамлакатлар учун энг катта муаммо – шу.

XS
SM
MD
LG