Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:50

Андижонда руҳий касаллар диспансери тез ëрдам хизмати кўчирилиб, ходимлар ишсиз қолди (ВИДЕО)


Ишсиз қолган тиббиëт ходими
Ишсиз қолган тиббиëт ходими

Андижон вилоят Психоневрология диспансерининг Тез ëрдам хизмати ўз биносидан кўчирилгани ортидан ўнлаб ўрта бўғин тиббиёт ходимлари бир ойдан бери ишсиз қолди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган врачлар бўшатилган бино коронавирус юқтирганлар учун захира клиника сифатида ажратилганини айтишди.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси расмийлари бу борада сукут сақлашни мақул кўрди.

Ишсиз қолганини иддао қилган 35 тиббий ходим номидан Озодликка келган иккита видеомурожаатда ўнга яқин ходимнинг ўзини "бўлим бошлиғи" деб атаган раҳбар билан руҳий касалхона биноси олдида ҳақ талашаëтгани акс этган.

Видеомурожаатлардан бирида ўзини психбригада санитари бўлиб ишлаганини айтган 25 ëшлардаги ниқоб таққан йигит ишдан бўшатилгани боис оиласи иқтисодий қийин аҳволда қолганини айтади. Ўз сўзи давомида йигит ишсиз қолиб сарсон бўлган тиббий ходимлар сони 35 нафар экани ва уларнинг мутассаддиларга шикояти инобатсиз қолганини таъкидлайди.

Видеомурожаат қилган тиббиёт ходими ишсиз қолгани борасида прокуратурага мурожаат қилгани аммо ҳалигача натижа йўқлигини айтади.

Ишсиз қолганлардан мурожаат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:26 0:00

Озодлик суҳбатлашган¸ аммо исми эфирда айтилишини истамаган диспансер ходимига кўра, бу кўчирилиш асносида ишсиз қолган тиббиёт ходимлари муаммоси билан диспансер эмас, балки шаҳар Шошилинч тиббий ëрдам маркази шуғулланади.

Мулозим: Муаммо деярли ҳал бўлди

Респубика Шошилинч тиббий ëрдам илмий маркази Андижон шаҳар филиали Ходимлар бўлими мулозими 35 кишининг вақтинча ишсиз қолганини тасдиқлади ва бу муаммо ижобий ечим топаëтганлигини айтди.

- Шу йил 15 апрелдан бошлаб бу муаммони ҳал қилишга киришдик. Яъни сизга шикоят қилган 35 нафар тиббиёт ходимининг иш билан таъминланиши масаласи деярли ҳал бўлди. Уни тезроқ ҳал қилишга карантин ҳолати ҳалақит қилди . Тажрибага эга санитар ходимлар ва ҳамширалар олдинги иш жойидаги ставкасига мос келадиган иш билан таъминланади. Уларнинг иш стажидаги узлуксизлик сақлаб қолинади. Олдин диспансерда ишлашган бўлса бундан буëн марказий шифохонада ишлашади.

Айни пайтда Шошилинч тиббий ëрдам илмий маркази Андижон шаҳар филиали мулозими бу 35 кишининг ишсиз қолган даврига пул тўланадими¸ деган саволга жавоб бера олмади.

Озодлик мухбири бу суҳбат ортидан ишсиз қолганини иддао қилган тиббиëт ходимлари билан қайта боғланди. Улар 16 апрель ҳолатида ҳеч нарса ўзгармагани¸ раҳбарият ваъда беришда давом этаëтганлигини айтишди.

Бино нега бўшатилди?

Озодлик Андижон шахрининг Отабеков кўчасида жойлашган Психоневрология диспансери Тез ëрдам хизмати ўз биносидан кўчирилганлиги ва бино шу кунда бўш турганлигини аниқлади.

Ўзини таништирмаган диспансер ходими Озодлик билан суҳбатда соғлиқни сақлаш бошқармаси қарорига асосан “диспансердаги тез ëрдам подстанцияси шахар шошилинч тиббий ëрдам марказига” кўчирилганлигини айтди.

Озодлик суҳбатлашган, аммо исми сир қолишни сўраган врачлар диспансер тез ëрдам бўлими бўшатган бино коронавирус юқтирганлар учун дезокамералар билан жиҳозланганлигини иддао қилишди.

Андижон вилоят Психоневрология диспансери Тез ëрдам хизматининг бўшаб қолган биноси келгусида нима мақсадда ишлатилиши ҳақидаги Озодлик саволига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими "бу ҳақда маълумот берилмайди" деб гапни қисқа қилди.

Шундай қилиб, бинонинг коронавирус билан касалланганлар учун дезобокслар билан жиҳозланаëтгани ҳақидаги хабар расман тасдиқланмади, аммо инкор ҳам қилинмади.

Озодлик бундан олдин ҳукумат коронавирусга чалинганлар сони ошиш эҳтимолига жиддий ҳозирлик кўраëтгани ва вилоят касалхоналари шунга мосланаëтгани ҳақида ëзган эди. Самарқанд шаҳридаги Травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиëт марказидан беморлар чиқариб юборилиб¸ яқин келажакда коронавирус юқтириш эҳтимоли борларни даволайдиган махсус касалхонага айлантирилди.

Айни кунларда¸ Ўзбекистоннинг аҳоли зич яшовчи бошқа катта шаҳарларида ҳам коронавирусга чалинганларни қабул қилиш учун тайëргарлик кўрилмоқда.

XS
SM
MD
LG